Янгиариқ туманида аҳоли саломатлиги йўлида муҳим тадбир

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Хоразм вилояти ҳудудий бўлими ташаббуси билан Янгиариқ туманида аҳоли, жумладан, болалар учун кенг қамровли бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Тиббий кўрик жараёнида малакали шифокорлар томонидан болалар ва аҳоли вакиллари тўлиқ текширувдан ўтказилиб, уларнинг саломатлик ҳолатига оид зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, эҳтиёжманд фуқароларга дори-дармон воситалари, перенатал витаминлар, кўзойнаклар ҳамда турли тиббий воситалар бепул тарқатилди. Тадбир доирасида хотин-қизлар ва тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи маърузалар ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. Ушбу мулоқотларда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, эрта турмушнинг салбий оқибатлари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
